“Ё сафларингизни тўғирлайсизлар, ёки Аллоҳ юзларингизни бир-бирига тескари қилиб (қалбларингизни буриб) қўяди”

0
33

Савол:
Жума намозига келсам одам кўп экан, лекин сафларнинг олдинги 7-8 қаторлари жуда сийрак бўлиб, одамларнинг кўпроғи чордона қуриб ўтиришибди. Бу ҳолатни Жума намозларида кўп кузатаман. Шу пайтда мен олдинги сафга ўтиб бўш ўринларни тўлдиришга уринишим яхшими ёки орқага қараб юришим керакми? Бир икки ҳолатда орқада қолавердим ва фарз намози бошланишидан олдин турилганда одамлар олд қаторларни тўлдиргунларигача тартибсизлик бўлиб кетди ва хатто имом намозни ҳам бошлаб юборганда ҳам одамлар ҳали сафни мукаммал қилишмаганди…?

Жавоб: 
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан олдин сафларни текислашга буюрар эдилар. Бу суннатга амал қилиш бир вақтнинг ўзида ҳам имомнинг, ҳам унга иқтидо қилувчиларнинг вазифасидир. Сафларни текис олиш муҳим ишлардан бўлгани учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам буни баъзида тарғиб қилиш, баъзида эса қатъий огоҳлантириш йўли билан тушунтирганлар:

عَنِ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، يَقُولُ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ، أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларингизни тўғрилайсизлар, ёки Аллоҳ юзларингизни бир-бирига тескари қилиб (қалбларингизни буриб) қўяди”, — дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَمْسَحُ مَنَاكِبَنَا فِي الصَّلَاةِ وَيَقُولُ اسْتَوُوا وَلَا تَخْتَلِفُوا فَتَخْتَلِفَ قُلُوبُكُمْ لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُو الْأَحْلَامِ وَالنُّهَى ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ قَالَ أَبُو مَسْعُودٍ فَأَنْتُمْ الْيَوْمَ أَشَدُّ اخْتِلَافًا

Абу Масъуд Ал-Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда елкаларимизни текислаб чиқар ва: “Текисланинглар, ҳар хил бўлиб (сафни қинғир-қийшиқ қилиб) турманглар. Акс ҳолда қалбларингиз (худди сафларингиздек) ҳар хил бўлиб қолади. Орангиздан ақлли, мулоҳазали кишилар менга яқин турсин. Кейин ундан кейинги(даражадаги)лар, кейин ундан кейингилар”, деб айтардилар”. Абу Масъуд: “Сизлар бугун (сафларни текисламаганингиз учун) қаттиқ ихтилофдасиз”, деган (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можжа ривоят қилган).
Мазкур ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, намозда сафни текислаш ундаги кишиларнинг тенгма-тенг туриши билан бўлади. Ҳеч ким сафдан бироз олдинга чиқиб, ёки ортга сурилиб туриши мумкин эмас. Бунда баданнинг юқори қисмида елкалар, қуйи қисмида эса тўпиқлар бир-бирининг рўпарасида туриши керак. Тўпиқ эътиборга олинишининг сабаби тананинг ҳолати унга таянишидир.
Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафни тўлдиришга ундар эдилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الْأَوَّلِ، ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَّا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيْهِ لَاسْتَهَمُوا وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ، لَاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي الْعَتَمَةِ وَالصُّبْحِ، لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда нима (қандай савоб) борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлабгина (имкон) топганларида, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар. Агар намозга эртароқ боришда нима борлигини билганларида, унга шошилган бўлардилар. Агар хуфтон ва бомдодда нима борлигини билганларида, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келардилар”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Яъни, биринчи сафда атиги битта жой қолганида икки киши келиб, уни эгаллаш учун тортишиб қолса, қуръа орқали бу муаммони ҳал қилишарди. Афсуски, ҳозирда ушбу суннатга амал қилишда кўпчилик сусткашлик қилишларини гувоҳи бўлиб қоламиз: биринчи саф энди ярим бўлганига қарамай кимдир келиб иккинчи сафга турса, қолганлар ҳам унинг ёнига келиб қўшилади. Аслида эса биринчи сафни тўлдирмасдан кейинги сафни тўлдиришни бошланмаслик лозим бўлади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَقِيمُوا الصُّفُوفَ وَحَاذُوا بَيْنَ الْمَنَاكِبِ وَسُدُّوا الْخَلَلَ وَلِينُوا بِأَيْدِي إِخْوَانِكُمْ وَلَا تَذَرُوا فُرُجَاتٍ لِلشَّيْطَانِ وَمَنْ وَصَلَ صَفًّا وَصَلَهُ اللهُ وَمَنْ قَطَعَ صَفًّا قَطَعَهُ اللهُ

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларни текисланглар, елкаларни баравар қилинглар, орадаги очиқ жойларни тўлдиринглар, биродарингиз қўлларига мулойим бўлинглар, шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (ўз раҳмати билан) улабди. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узиб қўйибди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Шундан келиб чиқиб, Сиз жамоат намози олдидан аввалги сафларни тўлдиришга ҳаракат қилишингиз мақсадга мувофиқ саналади. Фақат бунда бошқа намозхонларга озор еткизмаслик лозим бўлади.

عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُسْرٍ رضي الله عنه قال: جَاءَ رَجُلٌ يَتَخَطَّى رِقَابَ النَّاسِ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْطُبُ فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «اجْلِسْ فَقَدْ آذَيْتَ»

(رواه أبو داود وابن ماجه)

Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида бир киши одамларнинг елкасидан хатлаб олдинга ўта бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ўтир, сен одамларга озор бердинг” дедилар» )Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.

ЎМИ Фатво ҳайъати