Рамазон Ҳайити байрами муборак бўлсин!

0
148

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойнинг султони бўлган Рамазон ойи жаннатмакон мамлакатимизда ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Мустақил Ватанимиз учун бу йилги рамазон ҳар қачонгидан файз-футуҳли, шукуҳли, баракотли бўлди.

Юртимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб, халқимизнинг кўп асрлик диний ва миллий қадриятларни эъзозлаб кўтаринки шукуҳ ҳар йил ўзгача тароват билан ўтказиб келмоқдалар. Юртимиз мусулмонлари диний байрам кунларни алоҳида эътибор билан ўтказиб келмоқда. Жумладан, Рамазон ҳайити ҳам ўзгача аҳамиятга эга бўлган улуғ кундир. Бизнинг Ўзбекистонимизга Аллоҳнинг раҳмати, назари тушган. Юртимизда инсон учун энг катта неъмат ҳисобланмиш тинчлик, ҳотиржамлик, аҳиллик ва миллатлараро тотувлик қарор топган. Жумладан, биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан ҳар йили Рамазон ва ҳайит кунлари алоҳида эътибор билан нишонланиши эзгу анъанага айланиб улгурган. Бу йил ҳам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон ойи арафасида 19 май куни “Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари эълон қилинган бўлса, яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорлари эълон қилинди.

Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат кунидир, уларнинг қилган солиҳ амаллари, Аллоҳ учун тутган рўзалари эвазига улкан мукофотлар ва жаннат неъматларини ваъда қилган кунидир. Энди эса Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга ҳушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: яъни: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”.Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналар айтиб, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг, Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити бугун барчамиз учун шодлик ва ҳуррамлик айёмига айлансин, деймиз! Бу кун шоду ҳуррамлик айёми қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саҳоват кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унитиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади.

Аллоҳ таоло яқинлашаётган Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Бу улуғ айёмлар шарофатидан мустақил ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин!

Барчамизни қайта – қайта рамазонларга ва ҳайит байрамларига эриштирсин!

Анвар қори ТУРСУНОВ

Тошкен шаҳар бош имом-хатиби

Манба:vakillik.uz.uz