Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтмоқда

0
563

Бугун  2017 йил 26 апрел куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Хўжа Аламбардор” жоме масжидида Республика XXVII қорилар мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан пойтахтга Республикамизнинг турли вилоятларидан меҳмонлар ташриф буюришган. Мусобақа Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган НИЗОМ асосида, икки тур бўйича ўтказилади:

  1. Қуръони каримни тўла ёд олган мураттаб қорилар мусобақаси.
  2. Қуръони каримдан камида 10 пора ёд олган мужаввид қорилар мусобақаси.

Иштирокчиларни баҳолаш ҳакамлар ҳайъати томонидан ишлаб чиқилган 100 баллик тизимда олиб борилади. Мураттаб қори ва қориялар учун баллар қуйидаги миқдорда белгиланди: Ҳифз учун 40 балл, тажвид учун 40 балл, тараннум учун 10 балл, савт (овоз) учун 10 балл. Мужаввид қори ва қориялар учун баллар қуйидаги миқдорда белгиланди: Тажвидга риоя қилиши 30 балл, тажвид қоидаларини билиши учун 20 балл, ёддан ўқигани учун 20 балл, савт учун 15 ва тараннум учун ҳам 15 балл. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳомийларимизнинг мусобақа ғолибларига қимматбаҳо мукофотлари, дипломлари ҳамда эсдалик совғалари топширилади.

Аллоҳ таолога беҳад ҳамд ва санолар бўлсинки, юртимизда шундай улуғ кунларда Қуръони карим хатми ва тиловати йиғини бўлмоқда. Қайсики ерда Аллоҳ таолонинг каломи зикр қилинса ўша ерда беҳисоб барака ва фазилат, сукунат ва тинчлик ҳукмрон бўлгай. Сўзимизга далил сифатида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам жанобларининг қуйида бир нечта ҳадиси шарифларидан маълумот ўрнида келтирсак:

Ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ  (с.а.в.) : «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилигингиз ўн баробар мислича қилиб берилади. Мен «Алиф, лом мим»ни бир ҳарф демайман. Балки «алиф» бир ҳарф, «лом» бир ҳарф ва «мим» бир ҳарфдир», дедилар(Имом Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ  (с.а.в.) : «Бирор қавм Аллоҳнинг уйларидан бирига тўпланиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса ва ўзаро бир-бирларига айтишса, уларга хотиржамлик тушиб, раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олишади. Ҳамда Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар, яъни (фаришталар) билан эслайди» , дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни мен: «Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларингнинг бошидир», дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг», дедим. Шунда у зот: «Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда заҳира бўлади», дедилар». (Ибн Ҳиббон ривояти).

Азизлар, иншааллоҳ бу йилги Қуръони карим мусобақаси ҳайрли ўтмоқда. Аллоҳим, Қуръони карим шарофати билан юртимизни, юртбошимизни ва ҳалқимизни  ўзи қўлласин. Мамлакатимизда тинчлик ва ҳотиржамлик  неъмати бардавом бўлсин. Омин.

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:                                      Раҳимберди Раҳмонов