Қурбонлик фазилати

0
452

Аллоҳ таоло ўзга умматларга фарз қилингани каби бизнинг уммати Мухаммадийяга ҳам қурбонлик қилишни фарз қилди. Бу қурбонлик амали Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни вожиб бўлган. Бу амални далили сифатида ушбу ояти карима нозил қилинган: —

 “Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй!” (Кавсар сураси, 2-оят).

Машҳур тобеинлардан Қатода, Ато ва Икрима розияллоҳу анҳумлар оятдаги “намоз ўқи” иборасини “ҳайит намозини ўқи” дея изоҳлаганлар. Қурбон ҳайити намозини ўқиб бўлибоқ ортидан қурбонлик қилиш вожибдир. Бу қурбонлик аслида бизнинг фойдамизгадир. Тақвоси эса Аллоҳга кифоядир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун-уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37).

Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлмоқлиги, ҳожатидан ташқари маблағ сохиби бўлишлиги ва амалини холис Аллоҳ таоло учун қилаётган бўлишлиги лозимдир. Сўйган жолиғини гўштини кўпроғини ўзи олиб қолиб қолганини етим есирларга эҳсон қилса ҳам бўлади. Агарда имконияти бўлса битта эмас бир нечта жонлиқ сўйиб кам таъминланган, муҳтож оилаларга тарқатса савоби улуғ иш бўлар эди.

Шунингдек, ҳайит байрам кунлари касалликда ётиб қолган, қариялари бор хонадон, етими бор оилаларга кириб ҳабар олишнинг савоби чексиздир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам жаноблари бу кунларда ҳамманинг ҳолидан ҳабар олишга ҳаракат қилардилар. Ўзлари ҳам қурбонлик қилар эдилар ва умматларини ҳам қурбонлик қилишга тарғиб этардилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қилиб дедилар:

— “Одам боласи учун қурбон ҳайити куни Аллоҳ йўлида қон чиқаришдан (қурбонлик қилишдан) ҳам севимли ва маҳбуброқ иш йўқ. Шубҳасиз у сўйилган жонлиқ қиёмат куни шохлари ва жонлари билан (гувоҳликка) келади ҳеч шубҳа йўқки қурбонликнинг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. (бас шундай экан) Қурбонлик қилиш билан дилларимизни хушнуд этинг”. (Имом Тирмизий ва имом ибн Можжа).

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов