Оила муқаддас даргоҳ уни асраб авайлайлик

0
136

Аллоҳ таоло бу дунёда инсон зотини оила қуриб яшашга, ўзидан кўпайишга, солиҳ ва мўмин зурриётлар қолдиришга амр этди. Оила жамиятнинг пойдевори сифатида талқин қилинади. Демак бу пойдевор мустаҳкам ва тўғри бўлиши учун оила аъзолари сабабчидирлар. Эр ва хотин орасидаги ўзаро тушунчалар, қадриятлар ва оила этикасини билишимиз лозим. Зеро оила бўлиб яшаш асосида мулоқот ва эътибор алоҳида ўрин тутади. Эркаклар аёлларнинг ҳурматини аёллар эркакнинг иззатини билишлари вожибдур.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сурасида 34 – оятида  шундай марҳамат қилади: — “Эркаклар хотинлар устидан(оила бошлиғи сифатида доимий)  қоим турувчилардир.   Сабаб – Аллоҳ уларнинг аёримлари (эркаклар) ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир”.

    Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

( أَلنِّكَاحُ سُنَّتىِ فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنًّتيِ فَلَيْسَ مِنىّ (رواه إبن ماجه

яъни: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), деганлар.

     Энди оила мавжуд бўлса аммо унда тартибот ва ҳурмат бўлмаса нима бўлади? Фарзандлар ҳақи, уларнинг одоб ва таълими эътиборсиз қолса ота-она қиёматда қандай жавоб беради. Ҳисоб китоб кунида ҳатто фарзанд ҳам ота онасидан ҳаққини сўраб даъво қилар экан. Фарзандларнинг таълим ва тарбияси ҳақида муҳаққиқ олим  Имом Ғаззолий р.а. ўзларининг  “Иҳёу улумуддин” китобида шундай дейдилар: — “ Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим тарбия берганлар барчаси савобга шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, халок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.

     Шундай экан оила ва унинг меваси бўлмиш фарзандларга алоҳида эътибор қилишимиз зарур. 2015 йил  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди. Ана шу тадқиқотга кўра, Ўзбекистонимиз мазкур  рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллади.
Шу аснода, энг аввало, Конституциямизга оилага бағишланган алоҳида боб киритилди. 1998 йилда эса Оила кодекси қабул қилинди. Унда оиладаги маънавий ва моддий мажбуриятлар, эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатлар ҳуқуқий асосини топди.

    Оилаларимиз мустаҳкам бўлса, фарзандларимиз одобли ва илмли бўлса келажагимиз яна ҳам порлоқ бўлади. Орзу ва умидларимиз рўъёби тезроқ амалга ошади. Мақсадларимиз ҳосил бўлади.

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов