Масжид ҳақида

«Хўжа Аламбардор» баъзан «Хожа Аламдор» лақаби билан тилга олинган Тошкентдаги мақбара Абдулазиз бобнинг рамзий қабри сифатида машҳур. Мазкур мақбаранинг қачон ва нима сабабдан юзага келгани ҳақида маълумот берувчи ёзма манбанинг ҳозиргача учрамагани боис у ҳақида турли нақллар мавжуд. XIX аср 2-ярми ва XX аср бошларида Тошкентда бўлган бир қатор европалик муаллифларининг маҳаллий аҳоли вакилларидан эшитган маълумотларга кўра эса, Хожа Аламбардор номи билан танилган Сайид Абдулазиз машҳур аллома Қаффол Шоший (904-976) мулозимларидан бўлган.

«Аламбардор» ёки «аламдор» сўзи «байроқдор», «байроқ кўтариб юрувчи» маъноларини билдириб, ўтмишда ҳукмдор, саркардага тегишли байроқни кўтариб юрувчи кишиларга нисбатан ишлатилган. Марказий Осиё ҳудудида «аламбардор» лақаби билан юритиладиган бир нечта мозорлар мавжуд. Улар орасида Сайрам ва Тошкентдаги Хожа Аламбардор мозори машҳур ва уларнинг тарихи бир бири билан боғлиқ. Ёзма манбаларда мазкур шахс «Абдулазиз боб» ва «Сайид Абдулазиз» деб тилга олинган. Абдулазиз бобнинг VIII аср иккинчи ярмида Сайрам ва унга туташ ҳудудларда ислом дини учун кураш олиб борган Халифа Али (р.а.) фарзанди Муҳаммад Ҳанафия авлодларидан бўлган Исҳоқ боб қўшинида байроқдор бўлгани ва Сайрам учун бўлган жангда шаҳид бўлгани айтилади. Сайрамдаги Абдулазиз боб мақбараси ХV-ХIХ асрлар давомида шаклланган, бўлиб «Балогардон бобо» номи билан машҳур.

Ушбу муаллиф Носириддин Али ал-Байзовийнинг (XIII аср) «Тарихи Байзовий» асаридаги маълумотларга таяниб, Хўжа Аламбардорнинг бундай ном олиши сабабига тўхталади. Унга кўра, кунларнинг бирида чилтонлар ўз шерикларидан бири вафот этгач ўрнига Хўжа Аламбардорни муносиб топадилар. Шундан сўнг Ҳизр алайҳиссалом Хўжа Аламбардорга чилтонлар байроғини топширган эканлар ва шу сабаб «аламбардор» лақабини олган эканлар.

Хўжа Аламбардор мозори ва масжид ўрта асрлардан буён маҳалла аҳли ва зиёратчиларга хизмат қилиб келган. Маълумотларга қараганда, Хўжа Аламбардор мозоридаги масжид биноси 1790-йилда қурилгани қайд қилинган. XIX асрдаги эски масжид эса Тошкентлик Саидазимбой маблағига бунёд этилган. 1918 ва 1924-йилдаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг масжид Шўро ҳукуматининг 1944-йил 6-декабридаги №452 қарори билан қайта очилган. Масжид 1945-йил 10-майда қайта рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб бугунги кунгача фаолият юритиб келмоқда. Масжиднинг ҳозирги биносини қуриш 1993-йилда бошланган бўлиб, 2005-йилда ниҳоясига етказилган. Масжиднинг қадимий хонақоси 2011–йилда тўлиқ қайта таъмирланди.

Бугунги кунда «Хўжа Аламбардор» жоме масжиди юртимиздаги обод ва муҳташам масжидлардан бири саналади. Ўзининг замонавий имкониятлари ва кенг сиғими боис масжид Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказиладиган маънавий-маърифий ва диний тадбирларни ўзида қабул қилиб келмоқда. Жумладан, масжид 2012-йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган «Республика қорилар мусобақаси»ни юқори савияда ўтказиб келмоқда.