Маънавият ва маърифат – тинчлик асоси

0
649

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ халқимиз тарихий-маданий меросини қайта тиклаш ва ундан жамиятни маънавий янгилашда унумли фойдаланиш зарурати туғилди. Чунки, “жамият тараққиётидаги ҳар қандай ўзгаришлар, янгиликлар, айниқса, инсоният ривожига туртки берадиган жараёнлар, кашфиётлар ўз-ўзидан юз бермайди. Бунинг учун аввало асрий анъаналар, тегишли шарт-шароит, тафаккур мактаби, маданий-маърифий муҳит мавжуд бўлиши керак. Миллатнинг табиатида, қонида, насл-насабида эзгулик ва маърифат сари интилиш мафкураси ва қонунияти жўш уриши лозим”.

Республикамиз Президенти И.А.Каримов – “Ҳар бир киши, миллат, халқ ўз тарихини билишни истайди, шунинг учун олимларимиз ўзбек халқининг тарихий ўтмиши, ўзлиги, маънавияти ва маданияти тўғрисида илмий яхлит концепция яратишлари зарур”, – деб таъкидлайди. Биз халқни номи билан эмас, балки маданияти, маънавияти орқали биламиз, тарихининг таг-томиригача назар ташлаймиз. Юртбошимизнинг фундаментал аҳамиятга эга ушбу кўрсатмаси шарқ мутафаккирлари ҳаёти ва ижодини янада чуқурроқ ўрганиш ва янги жамият асосларини яратишда улардан унумли ва ўринли фойдаланишга замин яратади.

Ўзбекистонда халқ маънавий меросини ўрганиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти мавзусига янгича қараш жамиятнинг тадрижий ривожланиши учун ниҳоятда ката аҳамиятга эга эканлиги чуқур фалсафий ва илмий фаразлар асосида исбот талаб этади.

Шу ўриндаРеспубликамиз Президенти И.А. Каримовнинг баъзи фикрларини айтиб ўтишни лозим деб топдим. Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли китобларида қуйидаги фикрларни айтганлар: “Бугун биз тарихий бир даврда — халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз.

Биз ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олиб, азалий қадриятларимизга суяниб, шу билан бирга, тараққий топган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, мана шундай олижаноб интилишлар билан яшаётганимиз, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган озод, эркин ва фаровон ҳаётни барпо этаётганимиз, бу йўлда эришаётган ютуқларимизни халқаро ҳамжамият тан олгани — бундай имкониятларнинг барчасини айнан мустақиллик берганини бугун ҳаммамиз чуқур англаймиз.

Қолаверса, “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилганда, жонажон юртимиз Ўзбекистон Республикаси мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллагани ҳам Ўзбекистонимиз Аллоҳ таолонинг назари тушган табаррук юрт эканининг ва У Зотнинг Ўзи йўлимизни очиб бераётганининг тасдиғи, деб биламиз.

Ана шу ҳақиқатни халқимиз ҳар томонлама тўғри тушуниб, танлаган тараққиёт йўлимизни онгли равишда қабул қилгани ва қўллаб-қувватлаётгани олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг асосий манбаи ва гарови эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.

Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзи бўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин.

Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.

Истагимиз шуки, Роббимиз биздан Ўз марҳаматини дариғ тутмасин, ёмон кўзлардан Ўзи асрасин, эзгу ишларимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Мавланов Аҳадбек

МУЛОҲАЗАЛАР

Please enter your comment!
Please enter your name here