КУТУБХОНЛАР – ИЛМ ЎЧОҒЛАРИ

0
100

Илм бор ерда китоб кўпаяди. Китоб бор ерда илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмга бўлган муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Худди шу ҳолат мусулмонлар ҳаётида ўз аксини топган. Милодий тўққизинчи асрдан бошлаб, мусулмонларда ҳақиқий бойлик деганда китоб тушунилган. Бировга энг қимматбаҳо ҳадя қилишни хоҳлаган одам китоб олиб борган.

Шарқда ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудийнинг китоб ҳақидаги қуйидаги фиркларига бир қулоқ тутайлик: “Эй азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан ҳоли ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам “Китоб ақл қалъасидир”, деганлар”.

Бағдод халифаси халққа арзигулик бирор ҳадя қилиш ҳақида ўз вазирларига маслаҳат солганида ҳаммалари бир овоздан яхши бир кутубхона ҳадя қилишга ишора этганлар. Бу кутубхона мусулмонлар оммасига ҳадя этилгач, «Дорулҳикма» номини олган ва кейинчалик дунёдаги биринчи фанлар академиясига айланган.

Ислом дини олиб келган ҳаракат туфайли қироат илмини ўрганиш Қуръон ва ҳадисни ёд олиш учун саҳифалар ҳамда китобларга эҳтиёж туғилди. Шу боисдан оят-ҳадислар ва уларга боғлиқ масалаларни ёзиб бориш кенг тарқала бошлади. Вақт ўтгач, кутубхоналар ташкил қилишга тўғри келди.

Ислом оламида кутубхоналарнинг бошқа халқларда кузатилмаган бир қанча турлари бўлганлиги маълум. Бу кутубхоналар барча Ислом давлатларида кенг тарқалди; ҳалифалар қароргоҳида, котиблар мадрасаси ҳамда жомеъларида, амирликлар пойтахтларида, чекка қишлоқлар ва узоқ жойларда ҳам вужудга келтирилди. Бу тараққиёт болаларнинг илмга бўлган муҳаббати билан яна ҳам ўз тасдиғини топди. 

Ислом дунёсидаги кутубхоналарнинг эътирофи:

  1. Қомусий кутубхоналар: бу Ислом оламидаги энг машҳур Боғдоддаги Байтул ҳикма каби кутубхоналардир.
  2. Махсус кутубхоналар: Бу турдаги кутубхоналар бутун Ислом олами теварагида жуда кенг тарқалган Саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳо, ҳалифа Мустансир, Фатҳ бин Хоқон, ибн Умайд ва бошқа шу каби кўплаб кишиларнинг кутубхоналари.

3.Оммавий кутубхоналар: маданий, инсоний мерослар ва унга оид тажрибалар сақланадиган ҳамда турли табақа, жинс, ёш, касб ҳамда савиядаги фуқаролар фойдаланишлари учун бўлган Ҳалифа ал-Умавий ал-Ҳакам ал-Мустансир 350-ҳижрий, 961-мелодий йилларда асос солган Қуртуба кутубхона каби кутубхоналар.

  1. Мадраса кутубхоналари: Ислом тараққиёти биринчи бор инсонларга таълим бериш учун мадрасалар бино қилишга аҳамият қаратди. Ҳар бир мадрасалар жуда тез фурсатда кутубхоналар билан бойитилди. Ана шундай мадрасалар Ислом даврида, айниқса, Ироқ, Сурия, Миср ва бошқа кўплаб шаҳарларда кенг миқёсда тарқалиб, исломий мадрасаларни янада улуғланишига сабаб бўлди.

Мусулмон оламининг чор-атрофдаги шаҳар-қишлоқларида ҳам кутубхоналар кенг тарқалган. Бағдод шаҳрининг ўзида юздан ортиқ кутубхоналар бўлиб, уларда китобхонлар учун зарур барча шароитлар муҳайё қилинган. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нажаф шаҳрининг кутубхонаси ўша пайтда кичкина кутубхоналардан ҳисобланган. Ўша кичкина кутубхонада қирқ минг нусха китоб бор экан. Рай шаҳрининг кутубхонасидаги китоблар рўйхатининг ўзи ўн жилдли китоб бўлган экан. Бунинг устига масжид ва шифохонага ўхшаш ҳар битта муассасаларнинг ўз кутубхоналари бўлган. Насириддин Тусий ўз расадхонасига тўрт юз минг нусха китоб йиққан экан. Адолат юзасидан у вақтларда босмахоналар бўлмаганини, барча китоблар қўлда кўчирилганини айтиб ўтмоғимиз лозим. Фақат халифаларгина эмас, балки амирлар ва вазирлар ҳам кутубхоналарга катта эътибор берганлар. Ибн Синодан муолажа олган Бухоро амири Муҳаммад Мансур қасрининг кўп қисми китобларга ажратилган бўлиб, у Ибн Синога хоҳлаган китобини олишга ижозат берган. Бу кутубхона билан яқиндан танишган Ибн Сино кейинчалик бу ерда одамларнинг кўплари номини ҳам эшитмаган китобларни кўрдим, деб ёзган. 963-милодий санада вафот этган Муҳаллабий исмли вазир бир юз ўн саккиз минг жилд китобни мерос қолдирган экан. Ўша вақтнинг бошқа бир вазири Муҳаллабийнинг ёш дўсти Ибн Аббоднинг кутубхонасида икки юз олти минг дона китоб бор эди, деб хабар беради. Унинг қозиларидан бири эса, бир милён эллик минг дона китобга эга экан. Бухоронинг амири бир табибни ўз ҳузурига чорлаганда, янги масканга кўчаётган эдим, китобларимни тўрт юз туяга ортиб қўювдим, деб узр сўраган экан.

Китобга бунчалик қизиқиш фақат ҳукмдорлар ва уламоларга хос эмас, оддий мусулмонлар ҳам китобни жон-дилдан севганлар. Умрини от чопиш ва урушларда ўтказган чавандозлардан бири – Усома ибн Мунқиз салбчиларнинг ваҳшийликларини васфлаб, қуйидагиларни айтган экан: «Болаларим, дўстларимнинг болалари ва аёлларимизнинг саломат қолгани бор будимни шилиб кетишгани аламини енгиллаштиради. Лекин китобларимнинг ҳасрати менга катта мусибат бўлди. Тўрт минг жилдгина китобим бор эди. Аммо энг яхши китоблар эди. Уларни йўқотишим мен учун умрим бўйи маҳзунлик келтирди».

Албатта, овруполик салбчилар китобнинг қадрини қаердан билсинлар. Ахир уларнинг ўзларининг тарихчилари эътироф қилишича, мусулмон оламида китоб борасида юқорида зикр қилинган ишлар бўлиб турганда бутун бошли Оврупонинг барча монастирларида ҳаммаси бўлиб ўн икки дона китоб бор экан. Уларни йўқ қилиб юборишмасин деган мақсадда занжирлар ила боғлаб қўйилган экан. Ана шундоқ жойдан келган босқинчилар китобнинг қадрини билар эдиларми?! Мусулмонларнинг илмга бўлган рағбатлари, китобга бўлган қизиқишлари иймон ва ихлос асосида бўлгани учун у тезда ўз самарасини берди. Улар бутун инсониятга турли илмларни тартибга солиб тақдим этдилар.

Юртимизда милоддан аввалги 1-минг йилликнинг сўнгги асрларида дастлабки кутубхоналар пайдо бўлган. Дастлабки кутубхоналар ҳукмдорлар саройларида ва ибодатхоналарда ташкил этила бошланган. Турон халқлари Миср, Эрон, Юнон ва уларга қўшни бўлган халқлар билан яқин алоқалар ўрнатган, ўша даврлардаги мавжуд қўлёзмалар билан ҳам таниш бўлган. Ўзбек халқининг қадимий ёзма ёдгорликлари сақланмаган. Берунийнинг хабар беришича, китоб хазиналари ва уларни сақловчилар турли истилолар даври (7–9-асрлар)да йўқ қилиб юборилган. 9–10-асрларда Ўрта Осиёда фан ва маданият ривожланди. Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч ва бошқа йирик шаҳарлар ҳукмдорлари саройларида кутубхоналар барпо этилди. Айниқса, Бухорода кўп кутубхоналар мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Улардан энг машҳури, энг бой ва йириги Сомонийларнинг сулолавий кутубхонаси эди. Мадраса ва масжидлар қошида ҳам кутубхоналар бўлган. Мўғуллар истилоси арафасида Марв шаҳрида 10 та йирик кутубхона бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. 13-асрда Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Балх ва бошқа шаҳарлар маданият марказлари, олимлар тўпланадиган жой бўлиб, уларда йирик кутубхоналар мавжуд эди.

14-асрнинг 2-ярмидан Ўрта Осиёда маданий ҳаётнинг янгидан юксалиши кутубхоналарнинг қайта тикланишида ҳам намоён бўлди. 14-аср охирида Шайх Муҳаммад Порсо умум учун очган маскан вақф кутубхонаси тарзида 19-асрнинг 40-йилларигача фаолият кўрсатган. Бухоро, Самарқанд, Қарши, Хива ва бошқа шаҳарлардаги катта мадрасаларда кутубхоналар бўлган, уларнинг фондлари мадрасанинг қадимийлиги ва нуфузига қараб турлича бўлган. Баъзи тарихий манбаларда қайд этилишича, Беруний, Ибн Сино, Фирдавсий, Замахшарий, Умар Хайём кабиларнинг шахсий кутубхоналари, Алишер Навоийнинг қимматбаҳо қўлёзмаларга бой йирик кутубхонаси, Абдураҳмон Жомийнинг шахсий кутубхонаси машҳур бўлган. 19-аср охири  20-аср бошларида Бухорода 3 та энг бой шахсий кутубхона бўлиб, улардан қози Муҳаммад Шариф Садр Зиёнинг кутубхонаси бизгача тўлиқ сақланиб қолган. 20-аср бошларида маҳаллий зиёлилар Дукчи Эшон номи билан машҳур Муҳаммадали халфа Собир ўғли, Абдурауф Фитрат ва бошқаларнинг шахсий кутубхоналари бўлган.

20-асрнинг 10–20-йиллари Туркистон ҳудудида 2 та халқ кутубхонаси, бир неча шаҳар кутубхоналари ва бошқа кутубхоналар мавжуд бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари миллий йўналишдаги 2 та кутубхона ва мадрасалар ҳузуридаги кутубхоналардан фойдаланган. Шу кутубхоналар ўз даврида давлат кутубхонасини ташкил этишда асосий негиз бўлиб хизмат қилди. Ҳозирда оммавий, илмий ва махсус кутубхоналар тизими шаклланган ва фаолият кўрсатиб келмоқда.

Маърифатпарвар ватандошимиз Исҳоқхон Ибрат ўз уйида каттагина, бой кутубхона ташкил қилади ва уни “Кутубхонаи Исҳоқия”, деб атайди. Ибрат архивидаги китоблар рўйҳати шуни тасдиқлайдики, кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, рус, турк, татар, форс-тожик тилларида кўплаб китоблар бўлган. Бу кутубхонадан нафақат ўзи, шунингдек, қишлоқ аҳолиси ҳам унумли фойдаланган. Исҳоқхон Ибрат ўз мактаби ўқитувчиларини кутубхонада сақланувчи китоблар билан таъминлаган. Кутубхонанинг мактаб ўқитувчиларига бағишланган қисмида Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, “Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим”, “Туркий гулистон ёҳуд ахлоқ”, Рустамбек Юсуфбек ҳожи ўғлининг “Раҳбари ҳисоб” каби кўплаб дарслик, ўқув қўлланмалари сақланган. Ибрат кутубхонаси доимий равишда катталашиб борган. У кутубхона аъзоларининг китоб олиш ва ўқиб бўлгач, уни топшириш дафтарларини ҳам ташкил қилган, аъзоларнинг, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишларини Исҳоқхоннинг ўзи назорат қилиб борган.

1870 йилда ташкил топган Тошкент халқ кутубхонасида дастлабки йилларда 1200 номдаги 2200 жилдлик қўлёзма ва босма китобларгина бор эди. Аммо шунга қарамай, халқ кутубхонаси Марказий Осиё минтақасида ягона ва энг йирик тафаккур тарқатиш ўчоғи бўлиб келган.

1920 йилнинг май ойида Тошкент халқ кутубхонасига Давлат кутубхонаси мақоми берилди. Орадан тўрт йил ўтгач, 1924 йил 26 декабрда Туркистон давлат кутубхонаси Ўрта Осиё кутубхонаси номини олди. Яна кўп ўтмасдан, Ўзбек Давлат кутубхонаси деган атама остида фаолиятини давом эттира бошлади.

1948 йилнинг май ойида кутубхона тарихида унутилмас воқеа рўй берди, Иккинчи жаҳон уруши сабабли орқага сурилиб келган буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан муассаса номи Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат кутубхонаси деб номланди.

 “Мулла Холмирза ота” жоме

масжиди имом хатиби:

 Қодиров Ҳасан

 

Изоҳ