Китобхонлик – маънавиятимиз асосидир

0
856

Шубҳасиз, ер юзида инсон учун манфаатли бўлган нарсаларнинг бири бу китобдир. Инсонларнинг етуклик ва мукаммаллик сари етакловчи, қалбларни улфат қилувчи, ҳалойиқни зулматдан зиёга олиб чиқувчи ҳам китобдир. Барча замонларда  ҳам ўзининг  мўъжизалигини йўқотмаган ягона нарса бу китобдир. Ҳатто Аллоҳ таоло ўзининг расулига ҳам биринчи сўзлаган сўзи  “ўқи” бўлган:                                                           Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!(Алақ-1).                                                                                            Китоб сабаб, илмларга бўлган иштиёқ пайдо бўлади. Она фарзандини сут бериб ҳаётга тайёрлагани каби, китоб ҳам ўқувчисини буюк илм уммонига тайёрлайди.                               Бир куни Абдулфаттоҳ Мусилий шогирдларидан: —  “Касалга сув, овқат берилмаса, ўладими?” деб сўради. Атрофдагилар: —  “Ҳа, ўлади” —  деб жавоб беришди. Шунда Абдулфаттоҳ: —  “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади” — дедилар. Шундай экан,  инсоннинг тирик­лик манбаи таом бўлгани каби, қалбнинг тирик­лиги илм, маърифат билан. Зеро, инсон қалби илму маърифат билан узлуксиз равишда озиқлантириб турилмаса, у қаттиқлашади. Қалби қаттиқ инсон зулмга, ёмонликларга, муомалада шафқатсизликка мойил бўлади. Ҳозирги пайтда ёшларимизнинг китоб мутолаасини тарк этиб, турли ҳил интернет  ўйинларига қизиқиши яҳшиликка олиб бормайди. Чунки, китобдан олинадиган завқ ва маданиятни бошқа манбалардан топиб бўлмайди. Китоб мутолааси сабабидан тилга бўлган эътибор юксалади. Масалан, улуғ шоир ва бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ҳазратлари  7 ёшларида Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд олган. Ваҳоланки, бу асар ҳар қандай илм толибини шоштириб қўяр даражада мукаммал ёзилган эди. Шу манбалар сабаб бўлса керак, А. Навоий ҳазратларининг  асарлари ниҳоятда тилга бой ва юксак  даражада ёзилгандир. Агар чуқур таҳлил қилсак А.С.Пушкин бутун ижоди давомида жами 21197 та сўз қўллаган бўлса, У. Шекспир асарлари тилида жами 20 мингдан ортиқ сўз қўлланилган. Испан олимлари Сервантеснинг ижодида 18 минг сўз қўлланилгани ҳақида маълумот берганлар. Буюк бобомиз Алишер Навоий асарларида қўлланилган сўзлар сони эса 26000дан ортиқ экан. Мана сизга китобга бўлган эътиборнинг ютуғлари.                                        Яқин ўтмишда ўтган  маърифатпарвар ватандошимиз Исҳоқхон Ибрат ўз уйида каттагина, бой кутубхона ташкил қилади ва уни “Кутубхонаи Исҳоқия”, деб атайди. Аҳолига бепул китоб ўқишлари учун шароитлар яратиб берадилар. Ҳатто келиб кетувчи китобхонлар сонини аниқлаш учун рўйхатга олиш дафтарини ҳам тузадилар. Албатта китобга бўлган мухаббатдан берилган бу даража Исҳоқхон Ибратга. Яқинда “Womanway.online” саҳифасида китоб интернет ва телевизордан афзаллигини 5 та сабаби, дейилган маълумот берилди. Айтилишича, китоб мутолааси орқали инсон 1. Сўз бойлиги  2. Нутқ маҳорати  3. Билимдонликнинг умумий даражаси  4. Ўзига ишонч  5. Хотира ва фикрлаш каби асосларга эга бўлар экан.                                                          Азизлар! Маълумотларга кўра, Республикамиздаги 11 мингдан ортиқ ахборот-кутубхона муассасаларида 83,6 миллион нусха китоб жамғармаси бор. Ушбу ахборот-кутубхоналар тизимига Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси етакчилик қилади. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳозирда минтақамиздаги энг қадимий ва йирик кутубхоналардан биридир. Кутубхона замонавий шарт-шароитларга эга ва талаб даражасида жиҳозланган. Бинода ўқув ва анжуманлар заллари, китобхонлар учун кўргазма зали, китоб музейи, болалар хонаси, китоб дўкони, киномарказ, интернет ва медиамарказ, кафе, дам олиш жойлари ташкил этилган.
Кутубхона 25 та чет мамлакат билан китоб айрибошлаш бўйича ҳамкорлик қилади. Кутубхонадан ҳар йили ўртача 500 мингдан зиёд китобхон фойдаланади. Уларга икки миллион нусха китоб ва ахборот манбалари тақдим қилинади. Кутубхонанинг умумий фондига ҳар йили 15-20 минг нусха адабиётлар қўшилади. Китоб ўқиш учун бундан ортиқ шароит бўлиши мумкинми? Шу саволни ҳар бир ота – она,  фарзанд ва ёшлар ўзларига беришлари керак.

 

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.

У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

                                                                            Абдурахмон Жомий

 

 

“Хўжа Аламбардор” жоме

масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов