Хайрли ишларни халққа етказиш – бахтдир!

0
233

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, кундан-кунга ватанимиз тараққиёти йўлида яхши хабарлар хайрли ташаббусларни эшитиб, кўриб гувоҳи бўлмоқдамиз. Диний маърифий йўналишдаги эзгу ташаббуслар ҳам ҳатто бошқа сохаларданда жадал амалга ошмоқда. Қисқа вақт ичида содир бўлаётган бу ишларнинг замирида халқимизни муқаддас динимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган, бугун уларсиз ёш авлод ахлоқини яхшилаб бўлмайдиган шарқона, исломий таълим-тарбия манбаини қарор таптириш, бебеаҳо қадриятларимиз, ислом олами илм-тафаккурига қанот бағишлаган  буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини авлодларга омон етказишдек улуғ мақсадлар ётибди. Зеро маърифатли миллатдан ёмонлик чиқмайди. Ўзини таниган Роббисини танийди. Ўзни таниш учун эса илм зарур. Бу илмни аждодларимиз аллақачон батафсил ёзиб бўлганлар, фақат уни тадқиқ этиш, замонавий тилга ўгириш, чоп этиш ва албатта тарғиб этиш лозим. Бугун, 23 ноябр куни Тошкент ислом университетида имом-хатиблар, имом ноиблари, маънавият тарғиботи соҳаси вакиллари билан ўтказилган семинар йиғилиши ҳам ана шундай янгиланишлар, диний сохада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқчил услубда, аниқ мисоллар билан оммага етказиш масалаларига бағишланди.

Бунинг учун сўзга чиққан маърузачилар қисқа вақт мобайнида муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларда диний-маърифий сохада амалга оширилаётган кенг кўламли ҳатти-ҳаракатларнинг воқеалар ривожи сифатида шарҳлаб берилди. Президентимизнинг нуфузли халқаро минбарларидаги тинчликни, муқаддас исломдинимизнинг софлигини асраш бўйича айтган таклифлари, уларнинг амалий ҳаётий ижроси бўйича олиб борилган ишлар: халқаро-илмий тадқиот марказлари, калом, фиқҳ, ҳадис, тасаввуф мактаблари фаолиятининг йўлга қўйилганлиги айтиб ўтилди. Айниқса Ўзбекистондаги бу ўзгаришларга нисбатан жаҳон жамоатчилиги эътирофи келтирилиб, Туркиядаги Марказий Осиё мусулмонлари таълим ва тадқиқот маркази “Ўзбекистонда охирги бир йил ичида қилинган ислоҳотлар” номли мақолани чоп этганлиги алоҳида қайд этилди.

Унда Ўзбекистонда исломий ва илмий соҳаларда қилинган ўзгаришлар бутун мусулмон оламини севинтирганлиги ёритилиб, қуйидагиларга алоҳида тўхталиб ўтилган:

Мамлакатнинг ҳар бир худудида ташкил этилаётган Ислом Илмий Марказлари;

Ислом Цивилизацияси Маркази;

Мадраса ва Тошкент ислом институтида таълим олувчи талабалар сонининг ортиши;

«Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармонига кўра Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президент томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳаж зиёратига юборилиши.

Шунингдек, шу йилнинг 18 октябрида Пойтахтимизда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий конференцияси иштирокчилари, дин арбоблари муфтийларнинг самимий фикрлари, эътирофлари келтирилиб, бу оддий сўзлар эмаслиги, балки, юртимиздаги ислоҳотларга ташқаридан берилаётган ижобий ва юксак баҳо эканлиги қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан имом-хатиблар, маънавият тарғиботчилари давримизнинг таҳликали ва оғир вазиятини мушоҳада қилган ҳолда, кишиларни барқарорлик ва ҳамжиҳатликка, ислом маърифатига чақиришда таъсирчан ва яхшилик йўли билан биргаликда ҳаракат қилишдек масъулиятни ҳис этишлари лозимлиги уқтирилди. Аллоҳ таоло айтади: “Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват  қилингиз.  Ва улар ила гўзал услубда мужодала этинг”.( Наҳл, 125)

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Манба:vakillik.uz