Бу гапга ишонмайдиган аёлни топиш бироз мушкулроқ. Бунга, албатта, иши бор ёки оиласи таъминланган аёллар эътибор бермаслиги мумкин. Лекин пулга зориқиб турган ёки иш топа олмаётган хотин-қизлар бунга дарров рози бўлиши турган гап. Мана шундай вазиятдаги опа-сингилларимизнинг кўпчилиги Туркия, Дубай, Россия ва бошқа давлатларга пул ишлаш илинжида йўл олаётгани, алал-оқибат алданиб қолаётгани сир эмас.

Тўрт девор ичига қамалган, тутқунликда азоб берилган, тубан ишларга мажбур этилган хотин-қизлар… Уларнинг кўпчилиги бу чоҳга алдов йўли билан туширилади. Уларни бундан ким қутқаради? Ҳуқуқлари, иззат-нафси топталган, йўлини йўқотган хотин-қизлар ҳаётга қандай қайтарилади?
Зеро, алдов, оғир руҳий зарба, орттирилган касалликлардан кейин кўпчилик аёлларда яшаш истаги сўна бошлайди. Бундай вазиятдаги аёлга ҳуқуқий кўмак, психологик ёрдам кўрсатиш, касб-ҳунар ўргатиш, ишга жойлаштириш зарур.

Шу каби ўксик қалбларга қатра нур олиб киришни ният қилган “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказининг олиб бораётган фаолияти эътирофга лойиқ. 2001 йилда ташкил этилган мазкур марказ ўтган ўн етти йилда одам савдосидан жабрланган 8 мингга яқин инсонларнинг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашди.

– Самарали фаолият юритишимизда 2008 йил 17 апрелда, яъни бундан ўн йил муқаддам қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни муҳим ўрин тутди, – дейди Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази директори Нодира Каримова. – Чунки қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича ижтимоий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Бу глобал муаммолардан бири саналган одам савдосининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги ривожланишига, ўз навбатида, марказимиз фаолияти кенгайишига кенг йўл очди.

Узоқ йиллар Тошкент шаҳри миқёсида фаолият юритган “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказига яқинда Республика мақоми берилди. Бу марказнинг одам савдосидан жабрланганларга кўмак кўрсатиш миқёси кенгайгани, фаолият самарадорлиги ортгани туфайлидир. Халқаро ҳамкорлик асосида ташкил этилган марказнинг “Долзарб алоқа тармоғи” мавжуд. Кўпинча одам савдоси жабрланувчилари мазкур тармоққа мурожаат қилади. Уларга ёрдам бериш учун марказ психологлари, ҳуқуқшунослари доимо алоқада. Жабрланган фуқаро жойи аниқлангач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда уни қайтариш чораси кўрилади. Хориждан қайтарилган жабрланувчиларнинг соғлиғини тиклаш, уларга руҳан далда бўлиш имкониятлари ишга солинади. Кейинги босқичда — марказда очилган ўнга яқин ҳунар тўгараклари орқали уларга касб-ҳунар ўргатилади ва ишга жойлаштириш чораси кўрилади. Мана шундай амалиёт туфайли ўтган йилларда минглаб опа-сингилларимиз ҳаётда қайта тўғри йўл топишга муваффақ бўлишди.

Муаттар РЎЗИБОЕВА

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати