Баданларингиз ва асабларингиз учун ором…

0
47

“…Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.

 (“Иброҳим” сураси, 34-оят)

Уйқу, ҳаётимизда биз учун сув ва ҳаводек жуда ҳам зарур омиллардан бири. Уйқусиз яшашни тасаввур қилиш қийин. Меъёридаги уйқу биз учун фойдали бўлиши билан бирга Яратганнинг улуғ неъматларидан бири ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Ўз каломида мазкур неъмат ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик”. (Наба сураси, 9)

“У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир”. (Фурқон сураси, 47)

Агар ушбу неъмат тирик мавжудодларга берилмаганда нима содир бўлар эди? Замонавий илм-фан айнан шу саволга жовоб излаш натижасида бир нечта тадқиқотлар ўтказишган ва қуйидагича хулосавий фикрларни баён этишган.

Уйқу — одам ва ҳайвонларда даврий юз берадиган физиологик ҳолат. Бунда физиологик жараёнлар бир қадар секинлашади ва тананинг, масалан марказий нерв системасининг иш қобилияти тикланиши учун энг яхши шароитлар яратилади. Уйқу ҳар бир инсоннинг зарур ҳаётий эҳтиёжидир. Инсон ҳаётининг учдан бири қисми ҳар кеча-кундузда даврий кузатиладиган уйқу ҳолатида ўтади.

Уйқу вақтида мускуллар тонуси сусаяди (уйқудаги одамнинг кўп мускуллари бўшашган бўлади), сезувчанликнинг барча турлари — кўриш, эшитиш, таъм билиш, ҳид сезиш, тери сезувчанлиги кескин сусаяди. Шартсиз ва шартли рефлекслар тормозланади. Қаттиқ уйқуда нафас уйғоқликдагига нисбатан анча чуқур, юрак уриши секин, артериал қон босими, тўқималарга қон келиши, моддалар алмашинуви, тана ҳарорати паст бўлади. Буларнинг барчаси уйқу ҳолатида мия билан бир қаторда ҳужайралар ва тўқималар ҳаёт фаолиятини таъминловчи барча ички аъзоларнинг ҳам «дам» олишидан далолат беради. Бу ҳолат эса тана ҳаётий фаолиятини таъминлайди.

Замонавий тиббиёт тасаввурларига кўра, уйқу фақат дам олиш эмас, балки кун бўйи олинган турли ахборотни қайта ишлаш ва эртаси кун яна ахборот қабул қилишга тайёргарлик жараёнидир.

Мазкур неъмат инсон ҳаёти учун сув билан ҳаводек зарур. Агар биз бу неъматдан мосуво бўлсак қандай жараён рўй беради? Шифокорларнинг таъкидлашларича ухлай олмаслик кучли бош оғриғига, онг чалкашлигига, ҳушдан кетишга ва галлютсинацияга сабаб бўлади. Уйқусизликнинг организмга таъсирини ўрганиш бўйича ўтказилган замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бироз уйқу етишмаслигида ҳам бош мия фаолияти бузилади, бу эса сезги, фикрлаш ва мантиқий мулоҳазалар қилиш қобилиятига таъсир кўрсатади.

Олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики узоқ давом этадиган уйқусизлик натижасида организмда

  • Хотира сусайиши
  • Иш қобилиятининг йўқолиши
  • Руҳий хасталиклар
  • Инсулт
  • Қандли диабет (биологларнинг тажриба воситасида исбот қилишича, уйқуга эътиборсизлик инсон организмининг глюкозани ўзлаштириш қобилиятини сусайтиради) каби бир қатор хасталикларни вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.

Сурункали уйқусизликнинг энг хавфли жихати. Маълум бўлишича, тунги уйқу инсон танасининг турли ўсимталар пайдо бўлишига қарши табиий курашувчанлигини таъминлайди. Аниқроқ айтганда, кунига 6 соатдан камроқ ухлайдиганлар саратон касаллигига чалинишга мойилроқ бўлар экан. Албатта, хавфли касалликнинг пайдо бўлиши фақат уйқуга боғлиқ эмас. Аммо, уйқусизлик бу хасталик бошланишига айнан туртки бериши мумкин.

Бандаларига ўзларидан ҳам, ота-оналари ҳам минг чандон Меҳрибон бўлган, улар учун турли неъматларни ато этган Зот, Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

Саидаброр УМАРОВ

ЎМИ матбуот хизмати